Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ПҚ-192-сон қарор билан қандай имтиёз ва преференциялар назарда тутилган
E-aktivдан ихтиёрий фойдаланиш тартиби 2024 йил 1 апрелга қадар узайтирилди. 14.06.2023 йилдаги ПҚ-192-сон қарордаги бошқа янгиликлар тўғрисида батафсил – buxgalter.uz шарҳида:
Ҳужжат, бошқалар қатори, 2023 йил 1 июнь ҳолатига қуйидагиларни ҳисобдан чиқаришни назарда тутади:
- жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи (нотурар кўчмас мулк объектлари бундан мустасно) бўйича муддатида тўланмаган қарзига ҳисобланган пеня суммалари;
- охирги 6 ой мобайнида молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий белгиланган миқдорлардаги ЖШДС ва ижтимоий солиқдан вужудга келган қарзи, ҳамда уларга ҳисобланган пеня ва жарималар суммаси;
- хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги учун қўлланилган жарималар суммаси.
Солиқ қўмитаси ва Мажбурий ижро бюроси 2 ҳафта муддатда бундай қарз, пеня ва жарималарни ундириш билан боғлиқ суд ва ижро ишларини тугатиши шарт.
Шунингдек:
- 2024 йил 1 июнга қадар ер участкаларидан ҳужжатларсиз фойдаланаётган жисмоний шахслар учун ер солиғининг 3 карра суммасини тўламаслик муддати узайтирилди;
- фермер хўжаликларига 2023 йил 1 июнь ҳолатига шаклланган сув солиғидан қарзини 12 ой мобайнида тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилди;
- АВ, НМА ва ТМЗни ҳисобга олиш (сотиб олиш (қуриш), ишга тушириш, қайта баҳолаш, тасарруф этиш) ҳамда ўз УФни (УКни) шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операцияларни солиқ органларининг е-aktiv ахборот тизимида ихтиёрий акс эттириш тартибининг амал қилиш муддати 2024 йил 1 апрелга қадар узайтирилди;
- 2023 йил 1 июлдан 2024 йил 1 июлга қадар иссиқхонага ихтисослашган ер майдони 25 сотихдан кўп бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан ишчиларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган ЖШДСни қуйидаги шартларга бир вақтнинг ўзида риоя қилинганда қайтариб бериш тартиби жорий этилмоқда:
1) ҳар бир 5 сотих ер майдони учун ойига камида 1 нафар ишчининг бандлиги таъминланган;
2) ҳар бир ишчи учун ойига меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад МҲЭКМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорни ташкил этади;
3) иссиқхонага ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари томонидан иссиқхона фаолияти бўйича олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этади.
Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади