Божхонада лаборатория учун танлаб олинадиган маркировкали намуналар қандай ҳисобга олинади

preview

“Ўзбекистонга дори воситаларини импорт қиламиз. Қонунчиликка асосан ҳар бир туркумдан лаборатория текшируви учун тасодифий тарзда бир нечта намуналар танлаб олинади.

Ушбу намуналарни товар айланмасининг кейинги иштирокчисига топширишда уларнинг кодларини қандай ҳисобга олиш керак?”

Ушбу саволга Green White Solutions рақамли маркировкалаш интегратори мутахассиси Ильмир МИНГАРИПОВ жавоб берди:

 

Материалларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

– 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб дори воситаларини маркировкалаш жорий этилмоқда (батафсил бу ерда). Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ҳамда импорт қилинадиган дори воситалари маркировкаланиши лозим .

Дори воситаларини мамлакатимиз ҳудудига олиб киришда лабораторияга топшириш учун ҳар бир туркумдан тасодифий равишда намуналар танлаб олинади, у ерда уларнинг сифат ва хавфсизлик бўйича талабларга мувофиқлиги текширилади.

Намуналарни лабораторияга топшириш пайтида дори воситалари маркировкаланган бўлиши керак. Топширилган намуналарни ҳисобга олишни ташкил этишнинг бир нечта усули мавжуд.

 

Сканер ёрдамида

1. Намуналарни лабораторияга топшириш пайтида улардаги Data Matrixни сканерланг. Сканерланган кодларни электрон шаклда сақлаб қўйинг.

2. Товарни божхонада расмийлаштиринг, шу жумладан:

  • aslbelgisi.uzдаги шахсий кабинетда агрегацияланган импорт кодини – барча олиб кирилаётган маркировкалаш кодлари, шу жумладан лабораторияга топширилганлари учун шакллантиринг;

3. Лаборатория тадқиқотлари натижаларини олгандан ва товар муомалага чиқарилгандан сўнг товарни aslbelgisi.uzдаги шахсий кабинетдаги омборга кирим қилиш пайтида:

  • ушбу туркумда олиб кирилган кодлар рўйхатидан экспертизага топширилган қадоқлар кодларини олиб ташланг;
  • агрегацияланган кодга ўзгартириш киритинг – сони тўғрисидаги маълумотларга ўзгартириш киритинг ва лабораторияга топширилган намуналар кодларини олиб ташланг.

 

Мобиль иловаси ёрдамида

1. Масъул ходимнинг смартфонига Asl Belgisi тизими билан интеграция қилинган махсус мобиль иловани ўрнатинг. Бозорда бунинг учун булутли ечимларни таклиф қилувчи бир нечта агрегаторлар мавжуд;

2. Мобиль илова ёрдамида топширилаётган намуналардаги Data Matrixни сканерланг;

3. Товарни божхонада расмийлаштиринг, шу жумладан:

  • Asl Belgisiдаги шахсий кабинетда агрегацияланган импорт кодини – барча олиб кирилаётган маркировкалаш кодлари, шу жумладан лабораторияга топширилганлари учун шакллантиринг;
  • БЮДни тўлдиринг;

4. Лаборатория тадқиқотлари натижалари олинганидан сўнг Божхона қўмитаси товарни мамлакат ҳудудида муомалага чиқаради. Шундан сўнг лабораторияга топширилган намуналар кодларини ҳисобдан чиқариш имконияти пайдо бўлади. Мобиль илова намуналар кодларини автоматик тарзда ҳисобдан чиқаради ва сиз агрегацияланган кодга илгариги усул каби қўлда ўзгартириш киритишингиз керак эмас.

Ушбу вариант анча қулай ва тезкор кўринади, хато эҳтимолини истисно қилади.