Инвестициялаш тўғрисидаги контракт доирасида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш харажатлари қандай ҳисобга олинади

preview

«Корхона давлат унитар корхонаси билан инвестициялаш тўғрисида контракт тузди. У инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида ўз эҳтиёжлари учун бино қурилишини назарда тутади. 

Корхона пулни ДУКга контракт бўйича мажбуриятларни бажариш ҳисобига ўтказди, ДУК эса ушбу суммага ҳисобварақ-фактура тақдим этмади. Ҳокимнинг қарорига асосан ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи учун кадастр ҳужжатлари олинди. ДУКга тўланган суммани бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттириш керак – асосий восита, НМА сифатида уни қурилаётган бино қийматига киритиш керакми ёки бошқа вариантлар борми?

Саволга Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубияти бўлими бошлиғи Асал ХАШИМОВА жавоб берди:

 

Мутахассисларнинг муҳим тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Инвестициялаш тўғрисидаги контракт томонларнинг молиявий мажбуриятларини, шу жумладан – инвесторнинг дирекция олдидаги ер участкасини қурилиш ва инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун тайёрлаш мажбуриятини белгилайди.

Тегишинча, ДУК ҳисобрақамига тўланган сумма  қурилиш ва инвестиция лойиҳасини амалга оширишни назарда тутадиган инвестициялаш тўғрисидаги контракт бўйича мажбуриятнинг бажарилиши ҳисобланади. Аммо бу ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун тўлов эмас. Шу боис ушбу суммани тугалланмаган қурилиш қийматига (0810-счёт “Тугалланмаган қурилиш”) киритиш мақсадга мувофиқ.

“Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги Қонунга асосан ер участкаларига бўлган ҳуқуқ тури ер участкаларини бериш (реализация қилиш) ҳақидаги ҳужжатларга мувофиқ белгиланади ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Агар ташкилот бино ва иншоотлар қурилиши учун тақдим этилган ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини олиш билан бевосита боғлиқ харажатларни амалга оширган бўлса (рўйхатдан ўтказувчи орган хизматлари учун тўлов, ер-кадастр ҳужжатларини тайёрлаш бўйича ишлар қиймати ва ҳоказо), бундай харажатлар 0830-счёти “Номоддий активларни харид қилиш”  таркибига киритилиб, кейинчалик 0440-счётига “Ер ва табиат ресурсларидан фойдаланиш ҳуқуқлари” олиб борилади. Яъни, ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини номоддий активлар таркибида ҳисобга олиш лозим.

Ер участкалари, агар улар корхона мулкига олинган бўлса, асосий воситалар таркибига кирим қилинади  . Кадастр ҳужжатларига асосан корхонангизга ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бино қурилиши учун ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи расмийлаштирилган. Шу боис ушбу ер асосий воситалар таркибига кирим қилинмайди.

Ҳисобварақ-фактура товар ва хизматларни реализация қилишда расмийлаштирилади . ДУК корхонангизга товар ёки хизматларни реализация қилмаганлиги боис, у ҳисобварақ-фактура тақдим этиши керак эмас. Шунинг учун ДУК ҳисобрақамига ўтказилган суммани корхона бухгалтерия ҳисобида инвестициялаш тўғрисида контракт, банк кўчирмаси ва тўлов топшириқномаси асосида акс эттиради.

 

 

 

 

Тан олиш мезонлари Тан олиш мезонлари Тан олиш мезонлари /uz/publish/doc/text200898_investiciyalash_tugrisidagi_kontrakt_doirasida_investiciya_loyihasini_amalga_oshirish_harajatlari_qanday_hisobga_olinadi