Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Ўзбекистонда 2024 йил 1 ноябрдан нималар ўзгаради
Энергия самарадорлиги, акциз маркалари, чиқиндиларни олиб чиқиш ва меҳнат мигрантлари учун электрон хизматлар... Миллий қонунчиликдаги навбатдаги ўзгаришлар пакети 2024 йил 1 ноябрдан кучга киради. Уларни батафсил кўриб чиқамиз:
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун, бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
1. «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ маблағларидан бериладиган гаровсиз микрокредитлар бўйича қайта молиялаш ставкалари ҳудудларга «боғланади»
100 млн сўмгача бўлган гаровсиз микрокредитларни қайта молиялашнинг чегаравий ставкалари кичик тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган ва фаолият юритаётган ҳудуд тоифасига боғлиқ бўлади :
- 5-тоифа – 12,5%;
- 4-тоифа – 13,5%;
- 3-тоифа – 14,5%;
- 2-тоифа – 17%;
- 1-тоифа – 18%.
Мос равишда, қарз олувчилар учун гаровсиз кредит қиймати, масалан, Самарқандда Гулистонга нисбатан юқорироқ бўлади.
2. Заргарлик буюмлари ва қимматбаҳо металлар савдосида янги чекловлар
1 ноябрдан импорт қилувчилар, экспорт қилувчилар ва чакана савдо учун бир қатор чекловлар жорий этилади :
- божхона тўловлари тўланганлиги тасдиқланмаган, чет элда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмларини сотувга қўйиш ва чакана сотиш мумкин эмас;
- қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо металлар билан қопланган металлар парчалари ва чиқиндилари фақат лицензия асосида экспорт қилинадиган махсус товарлар рўйхатига киритилади;
- Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясининг хулосаси бўлмаган заргарлик буюмлари ярим тайёр маҳсулотларини Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш тақиқланади.
Заргарлик буюмларини сотувчи ташкилотда солиқ инспекторлари яна нимани текшириши мумкинлигини бу ерда ўқинг:
3. Эски акциз маркали спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари мусодара қилинади
Эски намунадаги акциз маркали спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини сотиш муддати тугайди . Эски маркировкали маҳсулот маркировкаланмаган деб ҳисобланади ва Солиқ ҳамда Божхона қўмиталари уни мусодара қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
4. 200 квадрат метрдан ортиқ майдонли биноларнинг энергия самарадорлиги тоифалар бўйича баҳоланади
Майдони 200 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлиги тоифасини аниқлаш учун «А», «В», «C», «D», «Е», «F» ва «G» тоифалари жорий этилади .
Бунда «А» тоифаси энг юқори энергия самарадорлигига эга бино ва иншоотларни, «G» тоифаси эса – энг паст энергия самарадорлигига эга бино ва иншоотларни белгилаш учун қўлланилади.
Давлат энергетика реестрига киритилган субъектларда мажбурий энергия аудити тўрт шаклда ўтказилади:
- бирламчи;
- даврий;
- навбатдан ташқари;
- экспресс-энергия аудити.
Фойдали майдони 200 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларнинг энергия аудити натижалари бўйича тайёрланган энергия паспортлари ва ҳисоботлар реестрининг электрон платформаси 2024 йил охиригача ишга туширилиши керак.
Даврий энергия аудити мажбурий тартибда 5 йилда камида бир марта ўтказилади.
5. Меҳнат инспекцияси текширувлар ҳақида Бизнес-омбудсманни хабардор қилади
Давлат меҳнат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари меҳнат қонунчилигига риоя этилиши бўйича текширувлар ҳақида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни – текширув бошланган пайтдан бошлаб хабардор қилади .
6. Маиший чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича қарздорлардан электр энергияси учун тўлов қабул қилинмайди
Бундай вақтинчалик чеклов 04.01.2024 йилдаги ПФ-5 Фармонга мувофиқ Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида жорий этилади, электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланмаган ҳудудлар бундан мустасно.
Чиқиндилар билан ишлаш хизматлари учун 3 ой давомида тўлов қилмаган абонентлардан электр энергияси учун тўловлар қабул қилинмайди.
7. Меҳнат мигрантлари учун электрон хизматлар ишга тушади
1 ноябрдан Миграция агентлиги :
- хорижий иш берувчилар таклиф қилаётган бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни ўзининг электрон платформасида, шунингдек ОАВ ва ижтимоий тармоқларда эълон қила бошлайди;
- Агентликнинг электрон платформаси фойдаланувчилари унда ўз резюмеларини жойлаштириши ва эълон қилинган бўш иш ўринлари бўйича танловларда иштирок этиши мумкин;
- вақтинчалик меҳнат фаолияти мақсадида чиқиб кетаётган фуқаролар Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2 йил муддатга 10 млн сўмгача микрокредит олиши мумкин;
- хорижда ишлашни хоҳловчиларга ишга жойлашиш ва «иш визаси»ни расмийлаштириш бўйича бепул маслаҳат хизматлари кўрсатилади.
2026 йил 1 январга қадар мигрантларни ишга жойлаштириш ва хорижга юбориш бўйича вазифалар хусусий агентликларга ўтади.
Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади