Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Доимий муассаса кўчмас мулкни қандай тасарруф қилиши мумкин
“Доимий муассаса кўчмас мулк сотиб олиши мумкинми? Бунда қандай солиқ оқибатлари юзага келади? ДМ кейинчалик ўз кўчмас мулкини ижарага бериши мумкинми ва бу қандай солиқ оқибатларига сабаб бўлади?”.
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволларга “Assistance In Tax” солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА жавоб берди:
– Доимий муассасанинг (ДМ) солиқ мақоми унга кўчмас мулкни сотиб олиш бўйича битимнинг томони бўлиш имконини бермайди. Битимни “асосий” чет эл компанияси тузиши керак.
Кўчмас мулк объекти асосий компанияга тегишли бўлиши боис, демак, солиқ оқибатлари ҳам бевосита унда юзага келади.
Шу билан бирга, экспертнинг фикрига кўра, ДМ – бу асосий компаниянинг бўлинмаси, мол-мулкни расмийлаштириш ва кейинчалик тасарруф қилиш, жумладан солиқ солиш (масалан, кўчмас мулк объектини ҳисобга қўйиш, рўйхатдан ўтказиш ва ҳоказо учун бож тўлаш, тегишли солиқларни тўлаш) масалаларини асосий компаниянинг ДМ орқали ҳал қилиш эҳтимоли бор.
ҚҚС
Кўчмас мулк жисмоний шахсдан ҳам, юридик шахсдан ҳам сотиб олиниши мумкин. Бунда унинг қиймати, агар юридик шахс – мол-мулк сотувчиси - ҚҚС тўловчиси бўлса, ҚҚСни ўз ичига олиши мумкин.
Бундай ҚҚСни доимий муассасада ҳисоботда акс эттириш ва тегишинча, ҳисобга олишнинг қонунийлиги масаласи очиқ қолади.
Шу билан бирга, эксперт фикрига кўра, сотувчи ДМ номига ҳисобварақ-фактура тақдим этиши мумкин. Шунда ДМ асосий компания томонидан амалга оширилаётган битимдаги ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Мол-мулк солиғи
Мулкида Ўзбекистон ҳудудида кўчмас мулкка эга юридик шахслар – норезидентлар мол-мулк солиғини тўлайди .
Ушбу мол-мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати кўчмас мулк объектларининг солиқ базасидир . У мазкур объектларга бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган қиймат асосида аниқланади .
Солиқ ставкаси 1,5%ни ташкил қилади.
Яна, эксперт фикрига кўра, солиқни ДМ орқали тўлаш мумкин.
Агар чет эл компанияси ДМ сифатида ҳисобда турмаса, солиқ бир йилда бир марта – солиқ ҳисоботи давридан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай тўланади .
Агар тўлов ДМ орқали амалга оширилса, солиқ бўйича бўнак тўловлари тўлаш бўйича мажбуриятлар юзага келади .
Ер солиғи
Юридик шахслар, шу жумладан - норезидентлар мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари асосида фойдаланилаётган ер участкалари учун ер солиғини тўлайди .
Агар мазкур кўчмас мулк кўп квартирали уйда жойлашган бўлса, кўп квартирали уйлар эгаллаган ер участкалари ўз-ўзидан ер солиғи солинадиган объект ҳисобланмайди.
Яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари эгаллаган ер участкалари истисно ҳисобланади, улар учун ер солиғи - тўланади .
Бундан ташқари, агар кўп квартирали уйлар эгаллаган ер участкалари хўжалик фаолиятини юритиш учун фойдаланилса, улар ҳам солиқ солиш объекти ҳисобланади .
Ер солиғи ставкалари ер участкаси жойлашган жойга (зона) боғлиқ бўлиб, 1 гектар учун белгиланади .
Норезидентнинг кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадларидан олинадиган фойда солиғи
Экспертнинг фикрига кўра, чет эл компаниясининг ДМ асосий компаниянинг номидан ҳам юридик шахсларга, ҳам жисмоний шахсларга кўчмас мулкни ижарага бериши мумкин.
СКнинг 351-моддасига асосан Ўзбекистон ҳудудида фойдаланиладиган мол-мулкни ижарага ёки иккиламчи ижарага беришдан олинадиган даромадлар норезидентнинг даромадлари ҳисобланади ва тўлов манбаида 20% ставка бўйича солиқ солинади .
Бироқ, агар норезидент доимий муассаса сифатида солиқ ҳисобида турса, даромад тўлайдиган юридик шахс норезидентнинг даромадидан солиқ ушлаб қолиши шарт эмас .
Фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда доимий муассаса ижарадан олинган даромадларни “Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган бошқа даромадлар” (Ҳисоб-китобга 1-илова 210-сатр) сифатида жами даромадга киритади ва 15% ставка бўйича солиқ тўлайди.
Кўчмас мулк юридик ёки жисмоний шахсга ижарага берилишидан қатъи назар, мол-мулкни ижарага бериш бўйича хизматларни реализация қилиш бўйича айланмага ҚҚС солинади .