Сайёр текширув ва солиқ аудити қарори устидан қандай шикоят берилади

preview

ДСҚ солиқ органларининг ҳужжатлари, шунингдек улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан шикоят бериш юзасидан тушунтириш берди. Buxgalter.uz тафсилотларга аниқлик киритди:

 

Эътибор беринг

2022 йил 1 декабрдаги ҳолатга кўра ДСҚ солиқ тўловчиларнинг жами 1 485,6 млрд сўмга оид 459 та шикоятини кўриб чиқди. Улардан:

  • солиқ аудити бўйича – 1 268,7 млрд сўмга оид 267 та шикоят;
  • сайёр солиқ текширувлари бўйича – 216,9 млрд сўмга оид 192 та шикоят.

528 млрд сўмга оид 109 та шикоят солиқ тўловчиларнинг фойдасига қаноатлантирилган. Шундан 442,4 млрд сўмлик 28 та шикоят – қисман қаноатлантирилган.  

579,5 млрд сўмлик 316 та шикоят бўйича солиқ органларининг қарорлари ўз кучида қолдирилган. Солиқ тўловчиларга бу ҳақда тушунтиришлар берилган.

378,1 млрд сўмлик 34 та шикоятни кўриб чиқиш давом этмоқда.

Манбага қаранг.

Солиқ органларининг ҳужжатлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят бериш тартиби СК 30-бобида белгиланган.

Солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлари устидан шикоят юқори турувчи солиқ органига қарорлари устидан шикоят қилинаётган солиқ органи орқали берилади. Қарорлари устидан шикоят қилинаётган солиқ органи бундай ариза келиб тушган кундан эътиборан 3 кун ичида уни юқори турувчи солиқ органига барча материаллар билан бирга юбориши шарт .

Солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлари устидан юқори турувчи солиқ органига шикоятни ўз ҳуқуқларингиз бузилганлиги тўғрисида билган ёки билишингиз керак бўлган кундан эътиборан 1 ой ичида беришингиз мумкин. Ушбу муддат узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, уни сизнинг илтимосномангиз бўйича юқори турувчи солиқ органи тиклаши мумкин. 

 

Солиқ органи шикоят олинган санадан бошлаб 15 кундан 45 кунгача бўлган муддатда у бўйича қарор қабул қилади.

Шикоятингиз бўйича чиқарилган қарорга қўшилмасангиз ёки у белгиланган муддатда қабул қилинмаган бўлса, аудит ёки сайёр текширув якунлари устидан суд тартибида шикоят беринг.

 

Давлат органлари шикоятингизни кўриб чиқаётганда шикоят берилган қарор бажариладими

Шикоятни кўриб чиқиш вақтида шикоят берилган қарор ёки ҳаракатни бажариш тўхтатиб турилади, шу жумладан:

  • қўшимча ҳисобланган солиқлар ва йиғимлар ундирилмайди;
  • молиявий санкциялар қўлланилмайди.

Санкциялар қўлланган ёки солиқлар ундирилган, сўнг юқори турувчи солиқ органи ёки суд сайёр солиқ текшируви ёки солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорни бекор қилган бўлса, ушбу қарор бўйича солиқлар ва молиявий санкцияларнинг ундирилган (тўланган) суммалари қайтарилмайди.

 

Шикоят қандай чақириб олинади

Шикоятни чақириб олиш учун уни кўриб чиқаётган солиқ органига ёзма ариза юборинг. Бундай қарорни қабул қилаётганда ушбу шикоят чақириб олингач, уни ўша асосларда такроран бера олмаслигингизни ёдда тутинг.

 

Шикоят қачон кўрилмасдан қолдирилиши мумкин

Юқори турувчи солиқ органи, агар қуйидагиларни аниқлаган бўлса, шикоятни тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиради:

  • шикоятни берган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланмаган бўлса ёхуд вакилнинг уни имзолаш учун ваколатларини тасдиқловчи белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса;
  • белгиланган шикоят бериш муддати тугаганидан кейин берилган ва уни тиклаш тўғрисидаги илтимосномани ўз ичига олмаган бўлса ёки шикоят бериш учун ўтказиб юборилган муддатни тиклаш рад этилган бўлса;
  • тўлиқ ёки қисман чақириб олинган бўлса;
  • илгари айнан ўша асослар бўйича берилган бўлса;
  • солиқ органининг белгиланган тартибда илгари шикоят қилинган қарори устидан берилган бўлса;
  • белгиланган тартиб бузилган ҳолда (тўғридан-тўғри юқори турувчи органга) берилган бўлса;
  • талабларга мувофиқ расмийлаштирилмаган бўлса;
  • қўзғатилган жиноят иши доирасида ёки солиқ тўловчи судга шикоят масаласи бўйича мурожаат қилганда берилган бўлса.

Солиқ органи шикоят олинган ёхуд уни тўлиқ ёки қисман чақириб олиш тўғрисидаги ариза олинган кундан эътиборан 5 кун ичида шикоятни тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдириш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин. Шикоятни берган шахсга 3 кун ичида бу ҳақда ёзма шаклда хабар берилади.

Манбага қаранг.

«Норма» юристларининг янада батафсил тушунтиришларидан фойдаланинг:


Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.