Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Ўриндош бухгалтернинг ўртача ойлик иш ҳақини қандай ҳисоблаш керак
«Ташкилотнинг бош бухгалтери ўриндошлик асосида ишлайди. Маоши – 4 млн сўм. Меҳнат шартномасида иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига 20 соатдан ошмаслиги назарда тутилган. Меҳнат шартномасида ишланган ой учун иш ҳақи маошни иш вақти меъёрига бўлиш ва ҳақиқатда ишланган вақтга кўпайтириш йўли билан аниқланиши кўрсатилган. Бухгалтер ойлар бўйича турли вақт ишлайди. Ҳақиқатда ишланган вақт ойлар бўйича турлича бўлгани учун ҳисобланган иш ҳақи ҳам турлича чиқмоқда.
Таътил пули (фойдаланилмаган таътил учун компенсация)ни ҳисоблаш учун ўриндош бухгалтернинг ўртача ойлик иш ҳақини қандай ҳисоблаш керак? Ойлар бўйича иш ҳақи турлича бўлгани учун ўртача ойлик иш ҳақини белгиланган 4 млн сўмлик маошнинг 1/12 қисми сифатида аниқлаш мумкинми?»
Саволга Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Меҳнатга ҳақ тўлаш ва меҳнат стандартлари бошқармаси бош мутахассиси Отабек БОБОМУРАТОВ жавоб берди:
Эътибор беринг
Материал пулли «Жавоб берамиз!» базасидан, истисно тариқасида эълон қилинмоқда.
Экспертларга ўз саволларингизни бериш ва тайёр жавоблар базасининг барчасини кўриш имкониятига эга бўлиш учун Buxgalter Proга кириш ҳуқуқини расмийлаштиринг.
– Ўртача иш ҳақи МК 257-моддасига мувофиқ ҳисобланади.
Кўриб чиқилаётган ҳолатда ўриндош бухгалтерга вақтбай соатли меҳнатга ҳақ тўлаш белгиланган. Вақтбай меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида ўртача иш ҳақи қуйидаги формулалар бўйича аниқланади:
- Ўртача ойлик иш ҳақи = Иш ҳақи сақланадиган ойдан олдинги охирги календарь ой учун тариф ставкаси (маош) + Ҳисоб-китоб даври учун иш ҳақининг қўшимча қисми ўртача ойлик суммаси;
- Ўртача кунлик иш ҳақи = Ўртача ойлик иш ҳақи : 25,3 (ўртача ойлик иш кунлари сони).
Ҳисоб-китоб даври – бу ходим таътилга чиқиши ойидан олдинги иш ойлари календарь сони. Иш ҳақининг қўшимча қисми – бу устамалар, қўшимча тўловлар, мукофотлар ва компенсация ёки рағбатлантириш хусусиятидаги бошқа тўловлар суммаси.
Агар ходимнинг ҳисоб-китоб даврида касаллик, таътил ва бошқа сабабларга кўра тўлиқ ишланмаган ойлари бўлса, ҳисоб-китоб давридан ишланмаган вақт, шунингдек шу вақт учун ҳисобланган суммалар чиқариб ташланади. Бундай ҳолда қуйидаги формулалар қўлланилади:
- Ўртача кунлик иш ҳақи = Ҳисоб-китоб даври учун ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақи : (25,3 х Тўлиқ календарь ойлар сони + Тўлиқ бўлмаган календарь ойлардаги иш кунлари сони);
- Тўлиқ бўлмаган календарь ойдаги иш кунлари сони = 25,3: Иш кунларининг ҳақиқий сони х Шу ойда ишланган иш кунлари сони.
Шундай қилиб, саволда таклиф этилган ўртача иш ҳақини ҳисоблаш усули МК 257-моддаси қоидаларига мос келмайди.
Шартли мисол:
Ходим декабрда таътилга чиқади, таътилнинг 18 иш куни (21 календарь кун) учун ҳақ тўланиши лозим. Октябрда ҳисобланган иш ҳақи – 3,8 млн сўм, ноябрда – 3,6 млн сўм, олдинги ойларда ҳам турли суммалар ҳисобланган.
Ҳисоб-китоб даври учун қўшимча иш ҳақи ва тўлиқ ишланмаган ойлар йўқ.
Ҳисобланган таътил пули суммаси:
3 600 000 : 25,3 х 18 = 2 561 264,82 сўм.