Товарларни текинга беришда бухгалтерия ҳисоби, ҚҚС, ретро-бонус
Тошхужаева Азизахон Акбархужа кизи
Должность: Эксперт "Нормы", налоговый консультант, бухгалтер
Специализация: налогообложение, бухгалтерский учет
1. Текинга берилган товарлар бухгалтерия ҳисобининг уларни бериш иқтисодий жиҳатдан оқланган ёки оқланмаганлигига алоқаси йўқ. Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ қонунчилиги турлича тушунчалардир. 9410, 9420, 9430, 9120 ва бошқа харажатларни ҳисобга олувчи счётларда ҳам иқтисодий жиҳатдан оқланган, ҳам иқтисодий жиҳатдан оқланмаган харажатлар акс эттирилиши мумкин.
ID 28279 саволга берилган жавобда айтилганидек, бошқа корхоналарга товарни текинга беришда, унинг таннархини сотиш харажатларига, яъни 9410 счётига олиб бориш ҳар доим ҳам тўғри эмас. Ушбу харажатни бухгалтерия ҳисобида тан олишда товар нима сабабдан текинга берилганидан келиб чиқиш лозим.
Агар товарлар турли акциялар ўтказилишида текинга берилса, уларнинг таннархи сотиш харажатларига олиб борилади. Чунки бу харажатлар айнан товарларни сотишга алоқадор, яъни маркетинг, корхонани ёки маълум товарни реклама қилиш билан боғлиқ. Шу сабабли бунда товар 9410 «Сотиш харажатлари» счётига ҳисобдан чиқарилади. Одатда товарларни бундай бепул бериш иқтисодий жиҳатдан оқланган бўлади ва товарлар ҚҚСсиз берилади.
Товарларни текинга бериш иқтисодий жиҳатдан оқланмаган бўлса, бу харажат одатда 9430 «Бошқа операцион харажатлар» счётига ҳисобдан чиқарилади. Бунда ушбу товар реализацияга ҳисобланган ҚҚС ҳам ушбу счётга ҳисобдан чиқарилади.
2. Сизни ретро-бонуснинг сотувчидаги бухгалтерия ҳисоби ва солиқ оқибатлари қизиқтиряптими ёки харидордагими – саволингизда бу аниқлаштирилмаган. ID 28279 саволга берилган жавобда ретро-бонус тўғрисидаги мақолага ҳавола берилган эди, унда сотувчидаги бухгалтерия ҳисоби ва солиқ оқибатлари тўғрисида ёзилган.
Харидор бундай бонусни (чегирмани) олганида, ўз навбатида қуйидагича бухгалтерия ўтказмаларини расмийлаштиради (агар хали товар учун тўловни амалга оширмаган бўлса):
Дт 6010 «Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»
Кт 9390 «Бошқа операцион даромадлар».
Натижада харидор сотувчига ушбу чегирма айириб ташлашдан қолгандаги суммани тўлаб беради.
Агар бундай чегирма харидор товар учун ҳақни тўлаб берганидан кейин берилган бўлса, у ҳолда қуйидагича бухгалтерия ўтказмалари берилади:
Хўжалик муомалаларининг мазмуни | Дт | Кт |
Сотувчи томонидан чегирма берилди | 4310 «ТМҚлар учун мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга берилган бўнаклар» | 9390 «Бошқа операцион даромадлар» |
Чегирма суммаси банк ҳисобрақамига келиб тушди | 5110 «Ҳисоб-китоб счёти» | 4310 «ТМҚлар учун мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга берилган бўнаклар» |
Аввал амалга оширилган харид учун ретро-бонус (скидка) берилса, харидорда фойда солиғига тортиладиган даромад вужудга келади.
3. ТМЗлар ҳисоби 4-сон БҲМС «Товар-моддий заҳиралар»га мувофиқ юритилади. Ушбу БҲМСда товарларнинг миқдор ҳисобини юритмасдан, ҳисобни фақат суммаларда юритилиши кўзда тутилмаган. Бухгалтерия ҳисобида ТМЗларнинг миқдори ҳам ҳисоб-китоб қилиб боришили керак. Корхонада ТМЗлар қолдиғи, сотилган ТМЗлар қиймати ва таннархи, сотиб олинган ва бошқа усуллар билан келиб тушган ТМЗлар таннархи каби маълумотлар уларнинг миқдори ва суммаси билан маълум бўлиши шарт. ТМЗлар қонунчилик билан белгиланган муддатларда инвентарлашдан ҳам ўтказиб турилади. Уларнинг миқдори ҳисоби юритилмаса, бухгалтерия ҳисоби юритилиши бузилиб кетади.
ТМЗлар сотилганида онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланиш, харидорга уларнинг чекини бериш керак, бунда сотилган товар миқдори ҳам кўрсатилади. Қолаверса, корхоналардан E-aktiv тизимида ТМЗлар ҳисобини юритиш ҳам талаб қилиняпти.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.