Жавоб берамиз
Мол-мулк солиғи ва ер солиғи
2011 йилда сотиб олинган, 2015 йил охирида ишга туширилган бозор ҳудудида жойлашган савдо дўконига кадастр ҳужжатлари 2016 йилнинг январь ойида расмийлаштирилган бўлса унга мулк солиғи қандай ҳисобланади?
Дўконлар бўйича мулк солиғи уларга бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб, яъни 2016 йилнинг январидан юридик шахслар учун белгиланган ставкада (нотураржой объекти сифатида) тўлашингиз зарур.
Жамият(МЧЖ) ўз таъсисчисининг ер ва мол-мулк солиғидан қарзи бўйича жавобгарми? Солиқ инспекцияси томонидан жамиятнинг ҳисоб рақамига таъсисчи - жисмоний шахснинг ер ва мол-мулк солиғидан қарзи бўйича тўлов талабномаси қўйиши тўғрими?
Агар кадастр ҳужжатларида мулкдор сифатида Жамият эмас, жисмоний шахс кўрсатилган бўлса, албатта мол-мулк солиғини жисмоний шахс тўлаши лозим бўлади. Яъни бу ҳолатда солиқ органлари томонидан Жамиятга солиқни тўлаш тўғрисидаги талабномани қўйиши нотўғридир.
Истироҳат боғи ижарага берилган бинолар учун мол-мулк солиғини ҳамда улар жойлашган майдондан ер солиғи тўлаши лозимми? Ижарадан солиқ тўлашда ижара ҳақининг энг кам миқдори қандай ҳужжат асосида аниқланади? Агар истироҳат боғи Лабзак, Зулфияхоним кўчалари ва Анҳор кесишган жойда жойлашган бўлса, у ҳолда боғ қайси зонага тааллуқли бўлади? Қандай фаолият ва хизматлар учун биз лицензия ёки бошқа рухсат этиш хусусиятга эга ҳужжатлар олишимиз керак (масалан, ресторан, кафе, чакана ва улгуржи савдо, аттракционлар ва бошқа фаолият турлари)?
Модомики боғга ажратилган ерлардан мақсадли фойдаланар экан ва аҳолининг маданий эҳтиёжларини қондирадиган умумий фойдаланишдаги ерлари жумласига кирар экан, у ҳолда улар қурилиш тугалланганидан кейин ҳам, боғ фаолиятини бошланганда ҳам ер солиғи солиш объекти ҳисобланмайди.