Жавоб берамиз
Умумий масалалар
Агар йил давомида битта чоракда чакана савдо товар айланмаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга нисбатан кўпроқни ташкил қилса, йил якунлари бўйича эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 65-70 фоизни ташкил қилса, бу ҳолатда корхона қандай солиқларни тўлайди?
Агар чорак якунлари бўйича сизнинг корхонангизда чакана савдодан тушган тушум улуши қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва ўзи етиштирган мазкур маҳсулотни қайта ишлашдан олинган тушумдан ортиқ бўлса, у ҳолда бу чоракда сизнинг корхонангизга чакана савдо корхоналари томонидан ЯСТни ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда тўлаш нормаси татбиқ қилинади.
Қандай асосда Молия вазирлиги ҚҚСнинг ортиқча суммасини қайтаришни рад этиши мумкин? Молия вазирлиги қайтариш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботни талаб қилиб олишга ҳақлими?
“Солиқ тўловчиларга ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини қайтариш тўғрисида Низом”нинг (ЎзР Адлия вазирлиги томонидан 16.05.2008 йилда 1807-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 13-бандига мувофиқ, ЎзР МВ ҚҚСни қайтаришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин, ушбу тўғрисида у солиқ тўловчи ва ЎзР Давлат солиқ қўмитасига ёзма равишда маълум қилади.
Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарори экспертиза ўтказилиши бошланишидан олдин текширилаётган солиқ тўловчига тақдим қилиниши керакми?
Солиқ кодексининг (СК) 97 ёки бошқа моддаларида экспертиза тайинлаш тўғрисида қарори текширилаётган шахсга экспертиза ўтказилиши бошланишидан олдин тақдим этилиши тўғридан-тўғри кўрсатилмаган. Бироқ, ўша 97-модданинг саккизинчи қисмига қараганда, текширилаётган шахс жумладан экспертнинг олдига қўшимча масалалар (саволлар) қўйишни сўраш ҳуқуқига эга.
Агар хусусий корхона 2014 йил учун олинган ўзининг соф фойдасидан бошқа МЧЖнинг устав фондини шакллантириш учун молиявий ёрдам ўтказса, у ҳолда хусусий корхона қандай солиқларни тўлайди?
Ўзбекистон Республикасининг 11.12.2003 йилдаги “Хусусий корхона тўғрисида”ги 558-II-сон Қонунига (15, 24-моддалар) асосан хусусий корхонанинг фойдаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан сўнг корхона мулкдорининг тасарруфига ўтади ҳамда унга солиқ солинмайди.
Топшириқ шартномаси бўйича корхона – вакил қандай умумбелгиланган солиқлар ва мажбурий тўловларни тўлайди?
Агар корхона кичик бизнес субъекти ҳисобланмаса, ҚҚС, фойда солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, шунингдек Пенсия жамғармаси, йўл жамғармаси ва Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлаши керак бўлади.
Солиқ бўйича ортиқча тўланган тўловларни бошқа солиқ турларига ўтказиш учун солиқ органларига электрон тарзда ариза бериш мумкинми? Агар мумкин бўлса тартибини тушунтириб беринг.
Ҳозирги кунда ортиқча тўланган солиқлар суммасини мавжуд боқимондани узиш ҳисобига ҳисобга олиш учун электрон тарзда ариза бериш кўзда тутилмаган.
Корхона балансида бўлган автомобилга техник хизмат кўрсатиш ўтказилганда ва ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминланганда қандай солиқ оқибатлари вужудга келади?
Мазкур харажатларни амалга оширганда, агар автомобиль корхонанинг хўжалик ёки ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланилса, солиқ оқибатлари вужудга келмайди.

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter