Жавоб берамиз

Имтиёзлар

Болалар адабиётини сотувчи нашриёт учун қандай солиқ имтиёзлари тадбиқ этилади? Ушбу ҳолатда “Ижод” фондига ажратмалар ва ягона солиқ тўлови қандай ҳисобланади?


Болалар адабиётини сотувчи нашриётлар “Ижод” фондига мажбурий ажратмаларни босма маҳсулотлардан тушган ялпи тушумдан (шу жумладан болалар адабиётидан ҳам) 1% миқдорида ҳисоблайдилар, ЯСТ эса барча босма маҳсулоти реализациясидан 5% ставкада ҳисоблайдилар (“Ижод” фондига ажратмаларни чегирган ҳолда).

Лизинг ташкилоти ўзига тегишли маъмурий бинони лизингга реализация қилишидан кўрилган даромад солиқдан озод қилинадими?


Йўқ, ушбу ҳолатда солиқ имтиёзи қўлланилмайди.

Корхона томонидан валютага бажарилган ишлар ЎзР Президентининг 26.03.2012й. №1731-сон Қарори 5-банди 1-қисмида кўрсатилганидек экспорт сифатида ҳисобга олинадиган қурилиш ишларига тўғри келадими? Агар экспорт сифатида ҳисобга олинса умумий корхона даромадидан чет эл валютасида бажарилган ишлар ҳажми 68 фоизни ташкил этса корхона солиқ солиш ставкасини 50 фоизга камайтирилган ҳолда тўлаши мумкинми? Камайтирилган солиқ ставкаси фақатгина чет эл ваютасидаги қурилиш ишлари учун қўлланадими ёки корхонанинг умумий даромадларигами?


Агар қурилиш ишлари учун шартнома тўғридан тўғри сиз ва хорижий корхона – норезидент ўртасида тузилган бўлса, унда шартнома экспортт шартномасига тенглаштирилиб, экспорт қилувчи корхона сифатида солиқ имтиёзлари тадбиқ этилади.

Ягона солиқ тўлови бўйича имтиёз аптекага ҳам тадбиқ қилинадими? Агар аптека учун ягона солиқ тўлови бўйича имтиёз тадбиқ қилинмаса, 2203-сон Низомдаги ягона солик тўловининг энг кам миқдорини аниқлаш мезони қўлланиладими?


Ҳа, фикримизча, солиқ имтиёзлари бутунлигича тиббий муассасасига тадбиқ этилади.

ЎзР Президентининг 28.01.2009й. ПҚ-1050-сонли Қарори асосида Ягона солиқ тўлови бўйича имтиёзга эга бўлган ташкилот Солиқ кодексида назарда тутилган бошқа даромадлар бўйича ҳам имтиёзни қўллайдими?


Сиз маълум шартларга риоя қилинган ҳолатда ЯСТ бўйича имтиёзни умумий тушум, шу жумладан бошқа даромадлар суммасига ҳам қўллашингиз мумкин.

Ўриндош ходим ЎзР ОЎЮда ўзининг ўқиши учун қарздорликни қоплаш ҳисобига йўналтирилаётган маблағлар қисмида имтиёз ҳуқуқига эгами? Мазкур имтиёздан у асосий иш жойи бўйича ва ўриндошлик асосидаги иш жойида бир вақтда фойдаланиши мумкинми? Ёки мазкур имтиёздан фақат асосий иш жойи бўйича фойдаланиш мумкинми?


Солиқ кодексининг 179-моддаси 31-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган фуқароларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларининг суммаларига солиқ солинмайди.

Лизинг хизматларини кўрсатувчи корхоналарнинг йил давомида ушбу хизматлар улуши ялпи тушумда ўзгариб турса уларга берилган ягона солиқ тўлови имтиёзидан фойдаланиш тартиби қандай бўлади?


Агар сизнинг корхонангиз лизинг хизматларидан ташқари бошқа фаолият билан шуғулланмаса, у ҳолда имтиёз ушбу фаолиятдан тушган тушумларга ҳамда ижарадан олинган бошқа даромадларга нисбатан хам қўлланилади.

Йўловчиларни ташиш асосий фаолият тури ҳисобланадиган транспорт корхонаси Республика йўл жамғармасига йиғим тўлашдан озод қилиш бўйича имтиёзни қўллаши мумкинми?


Башарти корхонанинг асосий фаолият тури йўловчиларни ташиш бўлса,  шунингдек йўловчиларни ташишга лицензия ва сотиб олинган автобусларга расмийлаштирилган лицензия карточкалари мавжуд бўлган тақдирда сиз имтиёздан фойдаланишга ҳақлисиз.

Агар ПФ-3594-сон Фармонда кўзда тутилган имтиёздан (ЯСТ бўйича) фойдаланиш ҳуқуқига эга қўшма корхона имтиёз кўзда тутилган фаолият тури билан бир қаторда бошқа фаолият турини ҳам амалга оширса, ягона солиқ тўлови бўйича имтиёз барча фаолият турлари учун қўлланадими?


Агар қўшма корхона Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 11.04.2005 йилдаги ПФ-3594-сон Фармонида белгиланган шартларга мувофиқ келса, у имтиёзни бутун корхонага (корхонанинг бутун ялпи даромади бўйича) қўллаши мумкин.

ХХТУТ 17116-сон хос рақамига қайси фаолият турлари киради? Қандай фаолият турларига эга корхоналарга 11.01.2012 йилдаги 2312-сон Низом билан тақдим қилинадиган имтиёзлар тааллуқли? Пахта толасидан тиббий момиқ, тиббий дока ва бинт ишлаб чиқаришда имтиёз кўзда тутилганми?


“Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб қилувчи корхоналар учун солиқ имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисида Низом”да (11.01.2012 йилдаги 2312-сон) кўзда тутилган имтиёзлар пахта толасидан тиббий момиқ, тиббий дока ва бинт ишлаб чиқарувчи корхоналарга татбиқ этилмайди.

Бизнинг корхонамиз Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш Тартибининг 3-банди “е” кичик бандида (ВМнинг 29.06.2000 йилдаги 245-сон қарори) кўрсатилган имтиёзни қўллаши мумкинми. Корхонамиз кўрсатаётган хизматлар ўз кучи билан кўрсатилаётган хизматлар тоифасига мансубми?


Юридик шахс томонидан кўрсатилаётган хизматларни “почта” тоифасига тааллуқли деб топиш билан тавсифлашни улар таркибига қўшилган ҳар бир хизмат бўйича алоҳида эмас, балки фақат комплекс тарзда кўриб чиқишни амалга ошириш қонуний бўлади, шу муносабат билан сизнинг корхонангиз кўрсатилган имтиёзни қўллашга талабгор бўлишга ҳақли.