Жавоб берамиз

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва фуқароларнинг суғурта бадаллари

Ўриндошлик асосида ишловчи ходимга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ажратилган моддий ёрдам солиққа тортиладими? Ходим декларация асосида солиқни ўзи тўлаши мумкинми?


Ҳа, ўриндошга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ажратилган моддий ёрдам ЖШДСга тортилади, айни пайтда солиқ суммаси тўлов манбаида ушлаб қолинади (СК 186-моддаси).

1. Моддий наф тарзидаги даромаддан (авиачипта) ЖШДС қандай ҳисобланади ва у ҳисоботда қандай акс эттирилади? 2. Корхона ходими учун сотиб олинган авиачиптани расмийлаштириш учун авиачипта, шартнома ва ҳисобварақ-фактурадан ташқари яна қандай ҳужжатлар керак бўлади?


ЖШДС авиачиптанинг қиймати киритилган ялпи даромаддан келиб чиқиб ҳисобланади. ЖШДС бўйича ҳисобот шаклларида авиачиптанинг қиймати ҳисобланган ва тўланган даромад сифатида акс эттирилади.

Мукофот, овқат ва таътилга моддий ёрдам пулларининг ЖШДС ва ЯИТга тортилишиши тўғрими?


Ҳа, тўғри.

Ходим фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида корхонада ишласа, унинг ҳаёт суғуртаси бўйича суғурта тўловларини тўлашга йўналтирилган иш ҳақига ЖШДС имтиёзи қўлланилиши тўғрими? Корхона ЖШДС тўғри ҳисоблаган ва ушлаб қолганми?


Ҳа, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида ишлаётган ходимнинг ҳаёт суғуртаси тўловига йўналтирилган иш ҳақига ЖШДС бўйича имтиёзнинг қўлланилиши қонунийдир.

Доимий иши йўлда кечадиган, ҳаракатланиш ва (ёки) қатнов тусига эга бўлган, шунингдек вахта усулида ишларни бажаришда ходимга компенсация тўловлари белгиланган нормада ёки нормадан кўп бўлса ЖШДС, ЯИТ ва суғурта бадалларига тортиладими?


Доимий иши йўлда кечадиган, ҳаракатланиш ва (ёки) қатнов тусига эга бўлган, ходимга компенсация тўловлари нормалар доирасида жисмоний шахснинг даромади сифатида қаралмайди, шунинг учун у ЖШДС, ЯИТ ва суғурта бадалларига тортилмайди. Компенсациянинг нормадан юқори қисми иш ҳақи тарзидаги даромад бўлиб, ушбу солиқларга тортилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2009 йил 3 августдаги "Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1167-сон Қарорининг 9-банди ва ВМ 2009 йил 25 майдаги 148-сон Қарори билан тасдиқланган “Тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қурилишига "Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик тижорат банки томонидан имтиёзли ипотека кредити бериш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан жисмоний шахсларга қўлланиладиган даромад солиғи бўйича имтиёзлар фақатгина "Ёш оилалар"га нисбатан қўлланиладиган имтиёз бошқа жисмоний шахсларга ҳам тадбиқ этиладими?


Ҳа, татбиқ этилади.

Автомашинани ўз ходимига ҳадя қилишда ташкилотда ва ходимда қанақа солиқ оқибатлари келиб чиқади?


Ходимда – жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш мажбурияти келиб чиқади, чунки у ҳадя шартномаси асосида «Spark» автомашинасини 6 900 000 сўм (42500000сум-35600000сум) қолдиқ  қийматига тенг миқдорда моддий наф тарзида даромад олади.

Хусусий корхона директори 2016 йил август ойи иш ҳақи ҳисобидан ўзининг қариндоши (опаси ва отаси) ва бир ишчисининг (корхона штатида бўлган ходим) мол-мулк ва ер солиғи карзини тўлаб берса, директорнинг солиқ олдидаги мажбурияти қандай булади? Бундай ҳолатда директор тўловни амалга ошириши учун қандай ҳужжатларни тайёрлаши керак?


Жисмоний шахслардан текинга олинган пул ва натура шаклидаги даромадлар  жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди.

Агар ходимлардан бири йил бошидан ҳеч қаерда ишламаган бўлса, иккинчиси эса корхона тугатилганлиги сабабли олдинги иш жойидан даромадлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этмаган бўлса, уларга июль ва август ойи учун иш ҳақи қандай ҳисобланади ва солиқ солинади?


Иш ҳақи белгиланган тариф ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ой давомида ҳақиқатдан ишланган кун учун ҳисобланади. Агар ходим илгари бошқа жойда ишлаган ва у ердан иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномани тақдим этмаган бўлса, ЖШДС энг юқори ставкада ушланади.

1. Агар ходим корхонадан қарз ҳисобига намунавий уй олса ва қарзни иш ҳақи ҳисобидан қайтарса, унинг қарзни қайтаришга йўналтирган иш ҳақига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинадими? 2. Қарз бериш жараёни қандай ҳужжатлар билан расмийлаштирилади?


Ҳа, ушбу ҳолатда корхона олдидаги қарзни қайтаришга йўналтирилган ходимнинг иш ҳақига белгиланган тартибда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади.

1.Ўриндошлик асосида ишловчи ходимдан солиқни энг юқори ставкада ушлаш натижасида юзага келган ортиқча тўланган солиқ суммаси қайтариладими? Ёки ўз ҳохиши билан ўз яшаш жойига, лекин ўзиники бўлмаган яшаш жойининг ер ва мол-мулк солиқларига олдиндан тўлов қилиши мумкинми? 2. Ходимнинг икки ва ундан ортиқ жойда ишлаши унинг келажакда олиши керак бўлган пенсия миқдорига таъсир қиладими?


Ҳа, ўришдошлик асосида ишловчилар ортиқча тўланган солиқ суммасини қайтаришлари ёки ер ва мулк солиқлари тўлови ҳисобига ўтказишлари мумкин.

Корхона томонидан сотиб олинган ва ходимга берилган уй учун тўлов сифатида ушлаб қолинаётган ходимларнинг иш ҳақидан даромад соли0и ушлаб қолиниши керакми?


Корхона томонидан қурилиш ташкилотидан намунавий, кредит асосида сотиб олинган ва ва ходимларга берилган лойиҳаларга мувофиқ қурилган уйлар учун тўловларни ходимларнинг иш ҳақидан ушлаб қолишда улар белгиланган тартибда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилади.

МЧЖдаги ўз улушини норезидент юридик шахс резидент жисмоний шахсга бепул берса қандай солиқ оқибатлари юзага келади?


ЎзР Солиқ кодексининг 177 – моддасига мувофиқ юридик шахс томонидан жисмоний шахсга текинга берилган мулк қиймати жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланиб, у декларация асосида шкала бўйича ЖШДСга тортилади.

Корхона ходими томонидан (кафил сифатида) ўз онаси олган кредитни қайтаришга ва кредит фоизларини тўлашга йўналтирилган меҳнат ҳақи жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортиладими?


Йўқ, солиққа тортилмайди. СКнинг 179 моддаси 30 бандида кўзда тутилган имтиёзлар якка тартибда уй-жой қурувчи шахсларга, шунингдек уларнинг мазкур кредитлар бўйича биргаликдаги қарз олувчи бўлган оила аъзоларига ҳам тааллуқлидир.

Жисмоний шахс юридик шахсга нотураржой биносини сотса, юридик ва жисмоний шахсда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?


Юридик шахс жисмоний шахсдан нотураржой биносини сотиб олишда жисмоний шахс даромадидан ўрнатилган минимал ставкада ЖШДСни ушлаб қолиши керак.